Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги Фармонига мувофиқ “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотларни хорижда замонавий таълим олган ва илғор профессионал тажрибага эга бўлган иқтидорли ва истиқболли кадрлар билан таъминлаш мазкур жамғарманинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
2018-2021 йиллар мобайнида жами 1180 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз ҳамда соҳа мутахассисларини “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этиб келинмоқда.

Стипендиатлар дунёнинг жами 40 га яқин давлатларида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 240 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда 955 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси биносида “Эл-юрт умиди” жамғармаси 3-стипендия танлови ғолибларига сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
“Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли, фидойи, ватанпарвар ёшлар билан бирга бунёд этамиз!” шиори остида ўтган тадбирда Жамғарма Васийлик кенгаши аъзолари, санъаткорлар, файласуф, адабиётшунос ва таниқли академик-олимлар, Республика Маънавият ва маърифат маркази тарғиботчилари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни инновацион ва илғор хорижий тажрибалар асосида қўллаб-қувватлайдиган етук малакали кадрларга эҳтиёж кун сайин ортиб бораётганлигини таъкидлашди. Бу борада эса Жамғарма стипендия танловларида ғолиб бўлган ёшларга улкан ишонч билдирилди.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг июль–сентябрь ойларида ўтказилган танловда бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичлари учун жами 272 та ўрин ажратилди.
20 июлдан 20 августга қадар ўтказилган танловнинг биринчи босқичида республиканинг барча ҳудудларидаги номзодлардан ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда ҳужжатлар қабул қилинди.

7-13 сентябрь кунлари ўтказилган танловнинг иккинчи босқичи эса суҳбат жараёнлари шаклида ташкил этилди. Унда номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзлаган мақсадлари, олган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, номзодларнинг маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни билиши, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари даражасини аниқлашга эътибор қаратилди.
Жараёнларнинг ҳар томонлама шаффоф ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида республикамиздаги вазирлик, идора ва ташкилотлардан, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академиясидан, шунингдек, мамлакатимизда жойлашган халқаро университетлар: Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Инҳа университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, қолаверса, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари жалб этилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2021 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ танлов иштирокчиларининг 141 нафари “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди. Энди ушбу стипендиатларнинг 56 нафари бакалавриат, 67 нафари магистратура ва 18 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида ўз билим ва кўникмаларини оширишади.
Хусусан, уларнинг 42 нафари АҚШ, 52 нафари Буюк Британия,11 нафари Италия, 15 нафари Россия, 3 нафари Германия, 2 нафари Франция, 2 нафари Япония ва яна 14 нафари дунёнинг бошқа ривожланган давлатларига таълим олиши режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар ушбу стипендиатларнинг 20 нафари хорижий давлатларда ўқишини бошлаш учун жўнаб кетган. Бакалавриат дастури бўйича 4 нафари, магистратура дастури бўйича 13 нафари ва докторантура таълим дастурлари бўйича 3 нафари АҚШ, Буюк Британия, Япония, Италия, Россия каби илғор давлатларнинг 18 дан зиёд университетларига таълим олиш учун юборилган.

Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мамлакатимизда ёш авлод вакиллари учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида жамғарма томонидан бюджетдан ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишига алоҳида эътибор қаратилади. Иқтисод қилинган маблағлар эса хорижда таълим олиш истагида бўлган ёшлар қамровини оширишга йўналтирилади.
Жамғарма Ахборот хизмати

