Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олмоқда. Бундай эътироф ҳеч муболағасиз юртимиздаги шиддатли ўзгаришларга берилган муносиб баҳодир.
Президентимиз Шарқ донишмандларининг: “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” деган ҳикматли сўзларни мисол келтириб, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиб бораётганини, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият кераклигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари кузатилишини таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш”га қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш учун турли соҳа ва тармоқлар бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, салоҳиятли фидойи ва изланувчан мутахассис кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шунга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимизнинг билимли ва истеъдодли кадрларга бўлган эҳтиёжини узоқ муддатга қондириш, иқтисодиётни рақобатбардош мутахассислар билан таъминлаш мақсадида таъсирчан ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хорижий мамлакатлардаги энг нуфузли ва етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун ёшларимизга кенг имкониятлар яратилмоқда. Албатта, бундай ёшлар аввало Ўзбекистоннинг, эл-юртимизнинг умиди бўлиб борадилар. Шу боис уларнинг она Ватанимиз олдидаги бурч ва вазифаларининг англашларида, фидойи, ватанпарварлар сифатида янги Ўзбекистонни бунёд этишда менинг ҳам ўз ҳиссам бўлади, деган олий мақсад билан ўқишларида тарихий, маънавий билимларнинг ўрни каттадир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 июлдаги “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадкикот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПК/-5169-сон қарорида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Эл-юрт умиди» жамгармасига Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадкикот тиббиёт университетида 2021/2022 укув йилида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг ординатурада таълим олишини ташкил этиш вазифаси қўйилган.
Қарорнинг ижросини амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан номзодларнинг 11 та мутахассисликлар буйича Университет ординатурасида таълим олишга юбориш мадсадида ҳужжатлар қабул қилиш ва танлов ўтказишни ташкил этиш ишлари амалга оширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилган ишлар натижасида 174 нафар талабгорлардан 115 нафари Университет томонидан хужжатларни қабул қилиш ва Танлов (сухбат) жараёнидан ижобий ўтиб, тест синовларида қатнашдилар. Тест синови натижаларига кўра мазкур номзодлардан 57 нафари 70 баллдан юқори балл тўплаб, Университетга қабул жараёнига хорижий талабалар орасида ўтказиладиган танловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Танлов натижасида Университетга қабул квотасига кўра 37 нафар номзодлар мазкур таълим муассасаси ординатурасига қабул қилинганлигини маълум бўлиб, уларни “Эл-юрт умиди” жамгармаси стипендияларини олишга тавсия этган.
2021 йил 5 сентябрь куни Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадкикот тиббиёт университетининнг ординатурасига бўлиб ўтган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан ўтказилган танлов ғолибларига тантанали равишда сертификатлар топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикси Соғлиқни сақлаш вазири А.Хаджибаев, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Бекмуродов сўзга чиқиб, танлов натижаларига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига кўра 37 нафар номзодлар Жамғарма стипендиатлари деб эътироф этилганлиги эълон қилдилар ва танлов ғолибларига тантанали равишда сертификатлар топширдилар.
Тадбирда сўзга чиқганлар янги Ўзбекистонни бунёд этишда билимли, ватанпарвар, фидойи ёшларнинг ўрни қанчалар катта эканлиги, эл-юртимиз хорижий мамлакатларда ўқиш имкониятини қўлга киритган ёшларга қанчалар умид ва ишонч билан қараётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Жамғарма Ахборот хизмати

