#Самарқанд #Бухоро #Навоий #Қашқадарё #Сурхондарё #Elyurtumidi
Бугун 13 август соат 11.00 да Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда соат 15.00 да Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ёшлари, илмий-тадқиқотчилар, вазирлик ва идораларнинг кадрлари хизмати учун онлайн вебинар ташкил этилди.
Вебинардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республиканинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.
Ушбу вебинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор биринчи ўринбосари О. Саттаров, Жамғарма Ахборот хизмати раҳбари М.Содиқов ва Профессионал кадрларни хорижда тайёрлашга бўлган эҳтиёжни ўрганиш ва прогнозлаш бўлими бошлиғи Ш. Муҳаммаджоновлар томонидан Жамғарма стипендия танловларини мазмун-моҳияти, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Тадбир доирасида ҳудудлар раҳбарлари билан ҳамкорликда кадрларни хорижда тайёрлаш бўйича энг устувор мутахассисликларни аниқлаш ҳамда уларга мос равишда стипендия квоталари лойиҳаларини тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилди.
Ушбу вебинарда республикамиздан хорижий давлатларда ўқиш истагини билдирган 200 дан ортиқ ёшлар Zoom платформаси орқали иштирок этдилар.
Вебинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Жамғарма Ахборот хизмати

