Хабарингиз бор, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2021 йил 20 июлдан бошлаб бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида нуфузли хорижий университетларда таълим олиш учун 272 ўринга мўлжалланган учинчи очиқ стипендия танловлари эълон қилинган эди.
Танлов комиссиясининг жорий йил 30 июлдаги йиғилишида Жамғарма томонидан манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда стипендиантликка номзодлар учун Жамғарма танловини тартиби, ўтказиш механизмлари, стипендиант бўлиш учун қандай босқичлардан ўтиши лозимлигига қаратилган вебинарлар ташкил этиш топшириғи берилган.
Шу муносабат билан, бугун, 10 август куни соат 16:00да "Эл-юрт умиди" жамғармаси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида мазкур танловларга бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси навбатдаги 3-очиқ стипендия танловида бугунги кунда мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган соҳалар, жумладан космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамли технологиялар, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик шунингдек бошқа устувор соҳалар ва мутахассисликлар учун 272 ўринлар ажратилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021-2022 ўқув йили учун нуфузли хорижий давлатларда:
бакалавриат таълим дастури учун 69 ўрин,
магистратура таълим дастури учун 112 ўрин,
докторантура таълим дастури учун 91 ўрин, жами 272 ўрин стипендиялар ажратишини маълум қилади.
Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 20 июлдан – 20 августга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Саралаш босқичлари 2021 йил 20 августдан – 20 сентябрга қадар давом этади.
Ушбу вебинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ходимлари, тасарруфдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар бўйича проректорлари, тегишли кафедра мудирлари ва бошқа мутасадди ходимлар, иқтидорли ёшлардан ва стипендиатликка номзодлардан иборат 400 дан ортиқ мутахассислар ZOOM платформаси орқали иштирок этдилар.
Мулоқот давомида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов тақдимот қилиб, танловни ўтказиш тартиби, унинг йўналишлари, номзод орасида танловда қатнашиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш ва онлайн платформага юклаш, танлов жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида номзодлар учун яратилаётган шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган 70дан ортиқ саволларга мутахассислар томонидан малакали жавобларни олдилар.
"Эл-юрт умиди" жамғармасининг навбатдаги 272 та ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танловини ташкил этиш механизми ва танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида
Жамғарма Ахборот хизмати

