“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021 йил 20 июлдан бошлаб хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун 272 ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танловларини эълон қилади!
Мамлакатнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришни мақсад қилган креатив фикрлайдиган ёшлар, истеъдодли профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, педагоглар ва мутахассислар диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилинди.
Мурожаатномада Президентимиз томонидан иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали илк бор бакалавр дастурига стипендиялар ажратилиши, шунингдек, магистратура ва докторантура дастурлари орқали энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилди.
Шу боис, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаш-тириш, сунъий интеллект соҳаларида атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа йўналишларида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология ва бошқа соҳаларда электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқларида машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш йўналишларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик каби аграр соҳанинг муҳим тармоқларида, шунингдек республикамиздаги бошқа устувор соҳалар ва мутахассисликлар кесимида 272 ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танловларини эълон қилади!
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021-2022 ўқув йили учун нуфузли хорижий давлатларда:
- бакалавриат таълим дастури учун 69 ўрин,
- магистратура таълим дастури учун 112 ўрин,
- докторантура таълим дастури учун 91 ўрин, жами 272 ўрин стипендиялар ажратишини маълум қилади.
Агар сиз юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлсангиз – бу имконият айнан сиз учун!
Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 20 июлдан – 20 августга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.
Саралаш босқичлари 2021 йил 20 августдан – 20 сентябрга қадар давом этади.
Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.
АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олиш имкониятини қўлдан бой берманг!!!
“Эл-юрт умиди” жамғармаси юртимизнинг умиди, ишончи
ва таянчи бўлган сиз ёшларни кутиб қолади!!!

