2021 йил 21 апрель куни Бухоро давлат университети, Қоракўл академик лицейи ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6168-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни лицей битирувчилари ўқитувчилари, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн вебинар ўтказилди.
Мазкур вебинарда Бухоро давлат университети масъул раҳбар ходимлари, Қоракўл академик лицейи битирувчилари, масъул раҳбарлари ва хорижий давлатларда ўқиш истагини билдирган 200 дан ортиқ ёшлар, Zoom платформаси орқали иштирок этишди.
Ушбу вебинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов Жамғарма стипендия танловларини мазмун-моҳияти, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида тақдимот ўтказди.
Вебинардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республиканинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.
Вебинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Жамғарма Ахборот хизмати

