2021 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6168-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни мактаб битирувчилари ўқитувчилари, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий-услубий семинар ўтказилди.

Мазкур семинарларда Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати битирувчилари, масъул раҳбарлари ва хорижий давлатларда ўқиш истагини билдирган 200 дан ортиқ ёшлар, жумладан Zoom платформаси орқали 100 га яқин мутахассислар иштирок этишди.
Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори А.Бекмурадов сўзга чиқиб, Жамғарма стипендия танловларини мазмун-моҳияти, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида тақдимот ўтказди.
Ушбу амалий-услубий семинарлардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республиканинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.
Семинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Жамғарма Ахборот хизмати

