Жорий йилнинг 25 – 26 март кунлари “Эл-юрт умиди” жамғармасининг математика, кимё, биология ва геология фанлари йўналишлари бўйича 2021 йилги биринчи стипендия танловининг учинчи босқичи ўтказилмоқда.
Қайд этиш лозимки, танловнинг биринчи босқичи якунига кўра стипендия танловларида қатнашиш истагини билдирган 2957 нафар талабгор орасидан 909 нафари кейинги босқичга тавсия этилди.
Иккинчи босқичда ўтказилган тест синовларида жами 778 нафар номзод иштирок этиб, улардан 283 нафари танловнинг учинчи босқичига тавсия этилди.
Учинчи босқични ҳар томонлама шаффоф ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида республикамиздаги вазирлик, идора ва ташкилотларидан, жумладан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълим вазирликлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академияси, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Инҳа университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети халқаро олий таълим муассасалари, қолаверса “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, психологлар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жалб этилган.
Бугун, 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида математика, кимё, биология ва геология фанлари бўйича хорижга стажировка ўтиш ва малака ошириш учун юбориладиган номзодлар учун суҳбат жараёнлари ташкил этилди.

154 нафардан ортиқ талабгорлар иштирок этган жараёнларда номзодларнинг она Ватанга, илм-фанга бўлган садоқати ҳамда мутахассислиги бўйича тушунчага эга эканлиги, хорижда ўқиш ва тажриба ошириш бўйича етарли тасаввурга эгалиги синовдан ўтказилди.
Дастлабки кунги синов жараёнларида иштирок этган номзодларнинг таъкидлашларича, мазкур танловлар уларга хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларида ўз малакаларини оширишлари ва стажировка ўтишлари учун ўз касбий фаолиятларида қўллашлари учун муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
- Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга қилган мурожаатларини тинглаб, биз ўқитувчиларга ҳам хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида стажировка ўтиш ва малака ошириш имконияти яратилганлигидан жуда хурсанд бўлдим.
Мен ҳам ўз билим ва малакамни ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармасига ҳужжатларимни топширдим. Биринчи ва иккинчи босқичлардан муваффақиятли ўтиб, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўтказилаётган суҳбат жараёнларида қатнашдим.
Агар мазкур босқичдан муваффақиятли ўтсам, Москва шаҳрида экология йўнилиши бўйича ўз малакамни ошириб, янгича методикаларни мактаблардаги дарс жараёнларига татбиқ этмоқчиман, - дейди, Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Дилдора Сафарова.
Хоразм вилояти Шовот тумани Халқ таълими бўлими табиий фанлар методисти Ҳусниддин Жумабоев Литва пойтахти Вилньюс шаҳрида мактаб таълимини ривожлантириш дастури бўйича ўз малакасини оширишни мақсад қилган.
- Мен Вилньюс шаҳрида мактаб таълимини ривожлантириш дастури бўйича ўз малакасини оширмоқчиман. Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг олган билим ва кўникмаларимни таълим сифатини баҳолаш бўйича мамлакатимиз томонидан қайд этиладиган натижаларнинг янада салмоқли бўлишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Суҳбат жараёнларига келсак, экспертлар томонидан номзодларнинг стажировкада олинадиган малака кўрсаткичлари бўйича тасаввурга эга эканликлари ва уларнинг Ўзбекистон шароитида татбиқ этишда қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши бўйича режаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, бунда талабгорнинг тил билиш даражаси ва дунёқараши ҳам муҳим омиллардан саналади.
Ажратиб кўрсата олишим мумкин бўлган яна бир жиҳат, жараёнларнинг шаффоф ва адолатли тарзда ўтказилаётганлигидир. Бу эса келажакда номзодларнинг ўзлари борган мамлакатларда малакаларини оширишлари ва Ўзбекистонга татбиқ қилишлари учун муҳим омиллардан бири саналади.
Қайд этиш лозим, эртага ўтказиладиган синовларда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш истагидаги ёшлар учун оғзаки ва ёзма имтиҳонлар бўлиб ўтади.
Маълумот учун, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилаётган стипендия танловини учинчи босқичида малака ошириш дастурида иштирок этиш истагини билдирган талабгорларнинг илмий салоҳияти ва дунёқараши 100 баллик тизимда баҳоланса, магистратура ва докторантура дастурларига талабгор номзодларнинг суҳбат натижалари 70, ёзма ишлари эса 30 баллик тизимда баҳоланади.
Танловнинг якуний босқич натижалари кўра муносиб иқтидорли ва истиқболли номзодларни АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Япония, Корея Республикаси, Россия каби ривожлангани мамлакатларнинг етакчи олий таълим ва илмий муассасаларида таълим олиши ва стажировка ўтиши учун танлаб олинади.
Жамғарма Ахборот хизмати

