2021 йил 25 март куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳамда Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6168-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни бошқарма, идора ва ташкилотлар ходимларига, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий-услубий семинарлар ўтказилди.
Мазкур семинарларда Тошкент шаҳридаги барча туманлардаги умумтаълим мактаблари масъул раҳбарлари ва битирувчи синф ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг хорижий давлатларда таълим дастурларига масъул раҳбарлари ҳамда талабалари, академик лицейларнинг битирувчилари, шунингдек, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар хизматига масъул раҳбарлари ва хоржий давлатларда ўқиш истагини билдирган давлат хизматчилари иштирок этишди.
Мазкур тадбирда иштирокчилар сони 300 га яқин бўлиб, Тошкент шаҳар хокимияти ва Туман ҳокимликлари ва Марказий аппарат ходимлари 30 ёшгача, Тошкент шахар ёшлар агентлиги, Ёшлар иттифоқи, ҳамда Тошкент шаҳар ҳалқ таълим бошқармаси вакиллари иштирок этишди
Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори А.Бекмурадов сўзга чиқиб, жамғарма иш фаолиятининг мазмун-моҳияти, бугунги кунда жамғарма томонидан ёшларга ажратилаётган хорижий грантлар хусусида, бундан ташқари, стипендия танловларининг янги талаблари ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида таъкидлаб ўтишди.
Ушбу ҳудудий амалий-услубий семинарлардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республиканинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.
Семинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармонига асосан Жамғарма 2021 йилда очиқ стипендия танловлари асосида ёшларнинг нуфузли хорижий мамлакатларда бакалавриат дастури бўйича таълим олиши учун 100 та ўрин, магистратура ва докторантурада ўқиш учун аввалги йилларга нисбатан ўртача 5 баробар кўп ўрин ажратиши белгиланган.
Жамғарма матбуот хизмати

