Хабарингиз бор айни вақтда республикамизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган 50 нафар ёш иқтидорли давлат хизматчилари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурида ҳам билим ва кўникмаларини, ҳам тажрибасини оширмоқда. Улар малака ошириш дастурида кўплаб вазирлик ва идора вакиллари билан учрашмоқдалар.
Жумладан, улар куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбар кадрлари билан учрашиб, бугунги кунда давлат фуқаролик хизматида амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар ва келгусидаги режалар билан танишди.

Хусусан, учрашув давомида ёш давлат хизматчилари билан ишлашнинг янгича услуби, давлат хизматчиларининг самарадорлигини ошириш ва уни баҳолаш, уларнинг психологик ҳолатини ўрганиб бориш, кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган давлат фуқаролик хизматига ишга киришдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида амалиётга жорий этилган янги тизим ҳақида сўз борди.
Учрашув икки томонлама муҳокамаларга айланиб, ёшлар мутахассисларга иш фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар ҳақида айтиб, уларнинг ечими ва қандай ёндашув орқали уларни оқилона ҳал этиш мумкинлиги юзасидан фикр алмашдилар.
Манба: Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Жамғарма Матбуот хизмати

