Иқтидорли ва истиқболли, айниқса республика ҳудудларидан
ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Шу муносабат билан 2021 йилнинг 15 февраль куни соат 16:00да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур Фармонинг мазмун моҳияти, долзарблиги, мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишларни халқимизга кенг ёритиш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманда, Хорижда истиқомат қилаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар билан мулоқотлар ўрнатиш ишларини янада кенгайтириш, ватандошлар электрон реестрини такомиллаштириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Жамғарма директоринг ўринбосари О. Саттаров айтиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, долзарблиги, мазкур Фармон билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурларига ва фаолият йўналишларига киритилаётган қўшимча ўзгартиришлар ва уларни амалиётда қўллаш юзасидан кутилаётган натижалар ҳақида Жамғарма директоринг ўринбосари Ж. Ахмедов маълумот бериб ўтди.
Анжуман давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказиладиган навбатдаги танловларни кенг оммага етказиш ва эълон қилиш мақсадида расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларидаги каналларида, шу билан бирга оммавий ахборот воситаларида Жамғарманинг танловлари борасидаги янгиликларини ёритиб бориш тўғрисида Жамғарма Матбуот котиби М. Содиқов маълумот берди.
Матбуот анжумани якунида, онлайн келиб тушган ва анжуманда иштирок этган журналистлар томонидан берилган - бакалавр дастурига оид, стипендиат хорижда ўқиётган жараёнлари мониторинги, ҳамда қайтиб келгандан сўнг иш билан таъминланиши масалалари бўйича саволларга жамғарма мутасаддилари тўлиқ жавоб қайтардилар.
Жамғарма Матбуот хизмати

