Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2020 йил 29 декабрь куни бўлиб ўтган бу галги Мурожаатномада 2020 йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди.
Мурожаатномада кўтарилган масалаларни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида 2021 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармасида ушбу тадбир ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу Мурожаатномада мамлакатимизнинг ривожланиш муҳим бўлган масалаларидан бири олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.
Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.
Ҳозирги вақтда ёшлар энг нуфузли олийгоҳларга кириш учун интилади, лекин олий ўқув юртлари ўртасида билимли ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш бўйича рақобат йўқ. Шу сабабли хусусий олийгоҳларга ҳам зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади.
Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.
Шу муносабат билан келгуси йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.
Янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.
Давра суҳбатининг якунида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига Мурожаатномасида кўтарилган масалалар ва таклифларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларга етказишда фаолликни ошириш, муҳокама қилинган масалалар ва қабул қилинган хулосалардан таълим жараёнини ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитилишида самарали фойдаланиш, шунингдек, белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, ушбу таклифларга доир илмий-амалий тадқиқотларни тизимли равишда олиб боришни йўлга қўйиш каби илгари сурилган ташаббуслар иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Жамғарма Матбуот хизмати

