Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилинди.
Мурожаатномада Президентимиз томонидан иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали магистратура ва докторантура дастурлари асосида энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб камида 100 нафар ёшларимиз учун нуфузли хорижий университетларнинг бакалавриатида ҳам таълим олиш имконияти яратилиши таъкидланди.
Шунингдек, мурожаатномада мамлакатимизда Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратди ҳамда энг нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ушбу муносабат билан, 2021 йил 22 январь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари, ватандошларимиз М.Нарикбаев номидаги КАЗГЮУ Университети Иқтисодиёт олий мактаби доценти Иқболжон Қорабоев ва Германиянинг Бремен университети, Техника ва таълим институти Касб-ҳунар ва меҳнат бозори лойиҳалари координатори Акрамжон Маткаримовлар иштирокида “Олий таълимга қабул қилиш тизими, жараёни, муаммолари ва ечимлари: Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси” мавзусида навбатдаги вебинари бўлиб ўтди.
Вебинар давомида Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёни, талабаларнинг қамров даражаси каби масалалар, шу билан бирга олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ҳамда республика олий таълим тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Вебинар давомида эксперт ватандошларимиз илмий ва касбий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда Олий таълимга қабул қилиш тизими ва унинг жараёни, шунингдек, тизимда мавжуд муаммоларни оқилона ечиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини беришди.
Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи марказга айлантириш, жаҳон миқёсида талабларга жавоб берадиган, хорижий илғор давлатларнинг Олий таълим тизими ва уларнинг тажрибаларини ўрганиш ҳамда Олий таълим тизимига уларни босқичма-босқич жорий этиш каби масалалар вебинарнинг муҳокамалар марказида бўлди.
Вебинарда қатнашиш учун 550 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда барча қизиқувчилар тадбирда қатнашиш мақсадида Жамғарма интерент сайтида рўйхатдан ўтишган.
Ушбу вебинар ZOOM платформаси орқали ташкил этилди ҳамда 400 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Ўзбекистон Олий таълим муасасалари қабул жараёнларига масъул проректорлар, факультет деканлари ва бошқа ОТМ маъсул ходимлари, шунингдек, ёш профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талабалар ва Олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган ёшлар иштирок этишди. Шу билан бирга мазкур тадбир “Эл-юрт умиди” жамғармаси расмий Youtube канали орқали тўғридан-тўғри узатилди.
Қизиқувчилар томонидан берилган барча саволларга мутахассис ва иштирокчилар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди. Вебинар сўнггида барча иштирокчилар ташкилотчиларга ва экспертларга жуда мазмунли ва катта фойдали тадбир учун ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтишди.
Жамғарма Матбуот хизмати

