2020 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Австралиянинг Гриффит университети (Griffith university) ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандуми онлайн алмашинуви бўлиб ўтди.
Ушбу ҳамкорликни мақсади Австралиянинг Гриффит университети билан академик ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, таълим ва тажриба алмашиш, магистратура ва докторантура дастурларида профессор-ўқитувчиларни ва ёш мутахассисларни тайёрлаш, ҳамда узоқ муддатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишдир.
Гриффит университети ихтисослашган учта академик мактаблардан иборат:
- Гуманитар, педагогика ва юридик факультети (Arts, Education and law);
- Соғлиқни сақлаш факультети (Griffith Health);
- Табиий фанлар факультети, атроф-муҳит, муҳандислик ва технология фанлари факультети (Science, Environment, Engineering and Technology).
Жамғарма директори Адҳам Бекмуродов таъкидлаганидек, университет билан ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади ва олий таълим ва фан соҳасида навбатдаги таълим лойиҳасига старт беради. Таълим соҳасида узоқ муддатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Гриффит университетида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича Жамғарма стипендиатларини ўқитиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон таълим масалалари бўйича конструктив мулоқот олиб бориш, шунингдек, Австралия университетларини Ўзбекистонга жалб этиш учун очиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун:
Австралиянинг Гриффит университети 1971 йил ташкил топган, ҳозирда университетда 50,000 га яқин талаба таҳсил олади.
Гриффит университети Австралиянинг илғор университетларидан бири хисобланиб, у дунё рейтингида топ 500нинг ичида 303 ўринни эгаллайди, Австралия университетлар орасида эса 15 ўринда.
Жамғарма Матбуот хизмати

