Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан республикамиздаги 120 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, шунингдек таълим ва илмий муассасаларнинг хорижда таълим олиш дастурларига бўлган жами 5251 ўринга эҳтиёжи мавжудлиги аниқланди.
Аниқланган эҳтиёжларнинг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган.

Ўрганилган эҳтиёжлар асосида дастлабки квоталар лойиҳаси тайёрланди ва “Эл-юрт умиди” жамғармасининг Васийлик кенгашига муҳокама учун киритилди.
Мазкур квоталар тасдиқланганидан кейин Жамғарманинг 2021 йил учун стипендия танловларини эълон қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
7 майдаги ПҚ-4708-сонли Қарорига мувофиқ, 2021 йилда математика соҳаси бўйича магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш учун алоҳида квота ажратиш ва танлов ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Иқтисодий ва ижтимоий соҳалар эҳтиёжини
ўрганиш ва мутахассислар билан ишлаш бўлими

