Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) тизимида фаолият юритувчи ўқитувчи ва ходимлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириш имкониятига эга бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Меморандумни Агентлик директори Сарвар Бабаходжаев ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Адхам Бекмуродов 18 сентябрь куни имзоладилар.

Ҳужжат доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ходимлари ривожланган мамлакатларда малака оширишлари, тизимда фаолият юритувчи ўқитувчилар эса қисқа муддатли стажировкаларда билим ва кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўладилар.
Келишувга кўра, хорижда таълим олиш истаги бўлган номзодларни танлаб олиш ва тайёрлашни икки томон биргаликда ташкил этадилар.
Шунингдек, томонлар халқаро таълим ташкилотлари, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни таълим соҳасида ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишни режалаштирмоқдалар.
Ҳамкорлик доирасида томонлар тажриба алмашиш мақсадида, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Агентлик ходимлари ва ўқитувчилари учун семинарлар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирларни ташкил этадилар.
Жумладан, меморандум доирасида хорижда яшаётган ва фаолият юритаётган ҳамюртларимиз иштирокида Агентлик тизимидаги таълим муассасалар ходимлари ва ўқувчилари учун турли тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорлик Агентлик тизимида фаолият юритувчи мутахассислар учун малакаларини ошириш учун янги имкониятлар очиб беради. Хорижда таълим олган ва амалиёт ўтаган мутахассислар таълим сифатини янада яхшилашга кўмак беради деган умиддаман, - деди Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бабаходжаев.
Ҳалқаро Алоқалар ва Протокол бўлими

