“Эл-юрт умиди” жамғармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 16 сентябрь куни навбатдаги “Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда АҚШнинг нуфузли Сиракьюз университети тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди.
Видеоконференцияда қатнашиш мақсадида Жамғарма интернет сайтида 400 нафарга яқин иштирокчи рўйхатдан ўтган, турли вазирлик, ташкилот ва идоралардан 300 нафар ходимлар Zoom платформаси орқали қатанашди.
Видеоконференцияда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Халқаро экспертлар кенгаши аъзоси, АҚШдаги Сиракьюз университети тадқиқотчиси, ватандошимиз Миржаҳон Турдиев ўз тақдимоти билан иштирок этди. Ватандошимиз ўз тақдимотида Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, жумладан мазкур масалада АҚШнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этиш масалалари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Мазкур видеоконференцияда АҚШ Сиракьюз университети Ногиронлар ҳуқуқлари клиникаси директори, профессор Майкл Шварц ўз маърузаси билан иштирок этди. Профессорнинг тадбир кунида университетда маърузаси бўлишига қарамасдан у айнан мазкур тадбирда қатнашиш ва Сиракьюз университети Ногиронлар ҳуқуқлари клиникаси фаолияти тажрибалари билан барча қатнашувчи иштирокчиларга тажрибаси билан улашиш истаги борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жумладан, профессор Майкл Шварц ўзи туғма ногирон эканлиги, ҳаёти давомида турли ноқулайлик ва қийинчиликларга дуч келганлиги, таълим олиш ва жамиятда тўлақонли ўз ўрнини топиш масаласида ногиронлиги бўлган шахсларга ўз тажрибаларини сўзлаб берди. Шунингдек, профессор Майкл Шварц келгусида Ўзбекистон Республикасидаги Олий таълим муассасаларида Ногиронлар ҳуқуқлари клиникасини ташкил этиш, Сиракьюз университети билан ҳамкорлик қилиш масалаларида амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Видеоконференция давомида Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Хакимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура академияси бошлиғи Е.В. Коленколар сўзга чиқиб АҚШнинг Сиракьюз университети билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш клиникаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва АҚШ тажрибасини қўллаш масаласида ўз фикрларини билдиришди.
Видеоконференция видеоёзувини “Эл-юрт умиди” жамғармаси YouTube даги манзилида қайта кўриш мумкин.
Жамғарма Матбуот хизмати

