“Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-стипендия танловида жами 171 нафар номзодлар иккинчи босқичига тавсия этилган. Улардан 49 нафари айни вақтда хорижда ўқишини давом эттираётганлиги сабабли Танлов комиссияси хулосасига кўра тест ва суҳбат жараёнларини ZOOM платформаси орқали ташкил этиш бўйича Жамғарма Васийлик кенгашига таклиф киритилган.
Тест жараёнларида офлайн иштирок этадиган жами 122 нафар номзодлар учун Танлов комиссиясининг 2022 йил 1 ноябрдаги қарорига кўра тест синовлари жорий йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилиши белгиланди. Мазкур номзодлар билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Номзодлардан 7 ноябрь куни соат 07:30 да Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Манзил: Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Нурхон кўчаси, 21-хонадон) марказий биносига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) билан ташриф буюришлари сўралади.
Тест синовлари жорий йилнинг 7 ноябрь куни 08:00 дан 10:00 гача давом этади. Тест натижалари шу кунни ўзидаёқ Танлов комиссиясига тақдим этилади ва Танлов комиссиясининг қарорига кўра суҳбат босқичига тавсия этилган номзодлар рўйхати 7 ноябр куни соат 20.00 га қадар Жамғарманинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Танлов комиссиясининг қарорига кўра тест синовларини муваффақиятли топширган номзодлар учун иккиничи босқичда номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, шунингдек, давлат тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат Давлат бошқаруви академиясида жорий йил 8 ноябрдан 14 ноябрга қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоятлардан ташриф буюрадиган номзодлар учун қулайлик яратиш мақсадида тест синовларини топшириб бўлганларидан сўнг вилоятларига қайтиб кетмасликларини сўраймиз.
Танлов комиссиясининг қарорига кўра вилоятлардан ташриф буюрган номзодлар учун суҳбат 8-9 ноябр кунлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Айни пайтда хорижда таълим олаётган ва хорижда бўлиб турган номзодлар учун тест ва суҳбат жараёнларини онлайн ўтказиш бўйича Жамғарма Васийлик кенгашининг қарори қабул қилингандан сўнг тест ва суҳбат ўтказиладиган куни, вақти Жамғарма расмий веб-сайтида эълон қилинади.