Қисқача тарихий экскурс

Ҳар қандай мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида жаҳон андозалари даражасида билим олган заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга эҳтиёж сезади.  1997 йил 7 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан Ватанга фидокорона хизмат қиладиган, унинг буюк ва қудратли бўлиши учун қайғурадиган, ўз иқтидори билан она юртни улуғлашга қодир, истеъдодли йигит-қизларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Умид” жамғармаси тузилиши мамлакатнинг устувор тармоқлари учун жаҳон тажрибаси асосида юксак малакали кадрлар тайёрлаш йўлидаги дастлабки қадам бўлди.

Жамғарма кўмагида 1997-2003 йиллар давомида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида жами 828 нафар истиқболли ёшлар таҳсил олишди.

Уларнинг 345 нафари АҚШ, 329 нафари Буюк Британия, 83 нафари Германия, 33 нафари Франция, 20 нафари Япония, 11 нафари Канадага ва 7 нафари Италия давлатларидаги номдор университетлари тингловчиси бўлиш бахтига муяссар ватандошларимиз.

Жамият тараққий этгани сайин ундаги жараёнлар ҳам тезлашиб, янгиланиб бораверади. Ана шу ислоҳотлар натижасида 2003 йил 7 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Умид” жамғармаси ва “Устоз” республика жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ташкил этилди.

Унинг фаолияти даврида жами 1019 нафар истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар Жамғарма стипендиялари совриндори бўлди ва ривожланган мамлакатлардаги 30дан зиёд нуфузли олий таълим ва илмий муассасаларда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Япония, Жанубий Корея каби 20дан зиёд мамлакатларда малака ошириб қайтди.

Шунингдек, 369 нафар ёш мутахассис илмий кадрлар турли нуфузли халқаро конференция, симпозиум ва форумларда иштирок этди.

Ёшларни хорижда таълим олишлари, тажриба орттиришлари учун кенгрок имконият яратиш мақсадида, 2017 йил 20 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонларига асосан, “Истеъдод” жамғармаси томонидан 2017 йил октябрь-2018 йил январь ойларида хорижда магистратура ва докторантура ҳамда малака ошириш ва стажировка дастурларида таълим олишга стипендиялар танлови ўтказилди ва 2018-2019 ўқув йилида чет элда таълим олишга юбориш учун жами 447 та педагог ва илмий кадрлар стипендиат сифатида танланди. Булар 36 та докторантура, 34 та магистратура, 317 та малака ошириш ва 60 таси стажировка дастурлари стидендиатлари.

2018 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президент фармони Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди ва мазкур ҳужжат билан Жамғарма хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси қилиб белгиланди.

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий мақсади – хорижда  яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга бўлган олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, етакчи хорижий таълим муассасаларида ҳамда Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш йўли билан Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ва тезкор ривожланиши учун зарур, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар билан таъминлашдир.