“Эл-юрт умиди” жамғармаси АҚШнинг Сиракьюз Университети тадқиқотчиси Миржаҳон Турдиев иштирокида видеоконференция ташкил этади
“Эл-юрт умиди” жамғармаси АҚШнинг Сиракьюз Университети тадқиқотчиси Миржаҳон Турдиев иштирокида видеоконференция ташкил этади
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат сиёсатида аҳолини, хусусан, унинг ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламига ҳар томонлама шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жумладан, ногиронлар учун янги уй-жойлар қуриш, уларни иш билан таъминлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида охирги йилларда амалга оширилаётган ишлар жамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Шу билан бирга, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўламини ҳам яхши тушунамиз.
Юқорида қайд этилган ўта муҳим масалада мутасадди вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, олимлар, мутахассислар ва тадқиқотчиларни илғор хорижий тажриба билан таништириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузуридаги 2020 йил 16 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да“Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда АҚШнинг нуфузли университети тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари” мавзусидаги навбатдаги видеоконференцияни ташкил этмоқда.
Мазкур видеоконференцияда Халқаро экспертлар кенгаши аъзоси, хорижда истиқомат қилаётган ва АҚШнинг Сиракьюз университетида тадқиқотлар олиб бораётган Миржаҳон Турдиев тақдимоти ҳамда мазкур университетнинг Ногиронлар ҳуқуқлари клиникаси директори, профессор Майкл Шварц (Michael Schwartz) ўз чиқиши билан иштирок этиши кутилаяпти.
Маълумот учун: 2019 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ваСиракьюз Университети (АҚШ) ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланиб, ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилган. Мазкур университет АҚШнинг етакчи университетларидан бири ҳисобланиб, у глобал рейтингда Times газетасинингTHE рейтингида 301-350 ўринда,US News and World Report Global Best University Ranking 346-ўринни эгалласада, Давлат бошқаруви соҳасида эса АҚШда 1-ўринда турувчи университет ҳисобланади.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ногиронлар ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиш билан боғлиқ тизимли муаммолар, уларга ечим топиш мақсадида АҚШнинг нуфузли Сиракьюз университети билан ҳамкорлик, шунингдек, тақдимотда кўтариладиган масалалар Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларининг ижросини таъминлашга ҳам бевосита алоқадор масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Видеоконференция ватандошларимиз Зафарбек Рустамов ва Маъмуржон Азимовлар томонидан АҚШда ташкил этилган ZiyoTech компанияси Zoom платформаси орқали ташкил этилади. Тадбирда қатнашиш учун www.webinar.eyuf.uz линк орқали рўйхатдан ўтиш сўралади. Барча учун очиқ ташкил этилаётган ушбу видеоконференцияга zoom.us/j/2026300504 линки орқали иштирок этиш мумкин.