Имтиёзлар ва преференциялар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Жамғарма Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшмоқчи бўлган ватандошларимизга ҳар томонлама кўмак кўрсатади, уларнинг истиқомат қилаётган давлатларида юртимизнинг маданий, илмий, маърифий меросларини ва замонавий ютуқларини сақлашга ва оммалаштиришга ёрдам беради.

Бундан ташқарри, иқтисодиёт, илм-фан ва технологиялар, тиббиёт, таълим, маданият, спорт соҳаларида юқори малака ва ютуқларга эга бўлган ва бошқа йўналишларда қобилиятли ватандошлар билан ҳамкорликни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиққан ҳолда, уларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрилиши белгилансин:

кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабали ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш;

юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;

ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;

давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;

ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш;

ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш;

ватандошлар — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;

ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;

Ўзбекистон Республикасини ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари.